Нодирбек Абдусатторов Блиц бўйича жаҳон чемпионатида иккинчи бўлди

Қатарнинг Доҳа шаҳрида шахматнинг Рапид ва Блиц тури бўйича жаҳон чемпионати (FIDE World Rapid & Blitz Chess Championships 2025) ўтказилди.
Блиц бўйича жаҳон чемпионати финалида норвегиялик Магнус Карлсен ва ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов тўқнаш келди.
Баҳс 2,5:1,5 ҳисобида норвегиялик гроссмейстер фойдасига якунланди. Бу Магнус Карлсеннинг блиц бўйича жаҳон чемпионатларида рекорд даражадаги тўққизинчи ғалабаси бўлди.
Мусобақада дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари, жумладан Гукеш Доммаражу ва рейтингнинг бошқа етакчилари ҳам иштирок этди. Турнир Швейцария тизими бўйича (19 тургача) ўтказилди. Шундан сўнг энг яхши ўйинчилар нокаут-ўйинларни ўтказди. Ўйинда вақт назорати 3 дақиқа + ҳар бир юриш учун 2 сония шаклида бўлди. Блиц турнири мукофот жамғармаси 350 минг еврони ташкил қилди. Ғолиб 70 минг еврога эга чиқди.