Freestyle Chess Grand Slam Tour 2025: Синдоров финални 4-ўрин билан якунлади

2025 йил 8–11 декабр кунлари Жанубий Африканинг Кейптаун ҳудудида ўтган Freestyle Chess Grand Slam Tour 2025 финал босқичида Жавоҳир Синдоров 4-ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиблигини эса Левон Аронян қўлга киритди.
Мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларини ташкил этган мусобақада Жавоҳир Синдоров гуруҳ босқичини 5,5 очко билан 1-ўринда якунлаб, плей-оффга йўл олди.
У чорак финалда Парҳам Магсудлуни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда эса Магнус Карлсенга қарши баҳсда 1,5:2,5 ҳисобида ютқазди.
3-ўрин учун баҳсда Синдаров немис гроссмейстери Винсент Кеймерга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва мусобақани 4-ўрин билан тугатди.
Маълумотларга кўра, у 60 000 АҚШ доллари мукофотни қўлга киритган.
Финалда Левон Аронян (АҚШ) Магнус Карлсенни 1,5:0,5 ҳисобида мағлуб этиб, турнир ғолиби ва 200 000 АҚШ доллари соҳиби бўлди.
Шу билан бирга, Карлсен финал босқичи давомида ярим финалга чиққан ҳолда бутун 2025 йилги гранд-слэм тури (мавсум) чемпионлигини ҳам муддатидан аввал расмийлаштиргани қайд этилди.