Синдоров ва Ёқуббоев «Grand Swiss FIDE»нинг кучли ўнлигида
Буюк Британиянинг Дуглас шаҳрида давом этаётган “Grand Swiss FIDE” халқаро турнирининг 5-тур баҳслари ортда қолган бир вазиятда 3 нафар шахматчи 4 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда.
Америкалик Хикару Накамура, «FIDE» байроғи остида иштирок этаётган россиялик Андрей Есипенко ва ҳиндистонлик Аржун халқаро мусобақа ғолиблигига даъвогарлик қилмоқда.
Уларни 3,5 очкога эга бўлиб таъқиб этаётган 16 нафар маҳоратли шахматчилар қаторида ҳамюртларимиз Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров ҳам бор.
Ўтган 4- ва 5-турларда истеъдодли шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев рақибларини мағлуб этиш имкониятларини бир мунча яхшилаб олди. 4-турда мисрлик Бассен Аминни, 5-турда қора доналарда ҳаракатланганига қарамасдан грециялик Николас Теодоруни енгди ва кучли ўнликка кўтарилиб олишга муваффақ бўлди.
Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов ўтган 4- ва 5-турларда дуранг натижа қайд этди.
Шахматчиларимиздан Нодирбек Абдусатторов 6-тур остонасида 27 нафар шахматчи сингари 3 очкога эга бўлса, Шамсиддин
Воҳидов беш имкониятдан 2 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Бугун, 30 октябрь куни мусобақанинг 6-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда кучли учликда бораётган Есипенко – Накамура ва Ю.Янъи – Аржун куч синашса, ушбу турда ҳамюртларимиздан Ж.Синдоров қора доналарда АҚШ вакили Самуэль Севян билан Н.Ёқуббоев германиялик Винсент Кеймер билан, Н.Абдусатторов ҳиндистонлик Четхамбарам билан ҳамда Ш.Воҳидов нидерландиялик Макс Уормердам билан рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, 11 турдан иборат “Grand Swiss FIDE” турнири 6 ноябрь кунига қадар давом этади. Баҳсларда эркаклар учун ажратилган 460 минг АҚШ доллари эгаллаган поғонасига қараб 31-ўрингача тақсимланади. 1-ўринни эгаллаган 80 минг, 2-ўрин соҳиби 60 минг, 3-ўринни қўлга киритган шахматчи 40 минг АҚШ долларига эга чиқади.
«Sehrli Shahmat» клуби шахматчиларимизга омад тилайди!