Нодирбек Абдусатторов якка пешқадамга айланди, Жавоҳир Синдоровда ҳам ғалаба
Нидерландияда давом этаётган «Tata Steel Chess 2023» турнирининг 7-тури доирасида ўзбекистонлик шахматчилар ғалабага эришишди.
Турнирнинг «Masters» гуруҳида Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Аржун Эригаисини қора доналарда мағлуб этишга эришди. Ушбу ғалаба орқали Нодирбек очколари сонини 5,5 тага етказиб, гуруҳда якка пешқадамга айланиб олди.
Бугун Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда Левон Аронян билан куч синашади.
«Masters» гуруҳида яна 6 та тур ўтказилади. Турнир 29 январгача давом этади.
Жавоҳир Синдоров эса «Challengers» гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб боряпти. У 7-турда нидерландиялик Элин Роеберсга қарши учрашувни оқ доналарда ўтказиб, ғалабага эришди.
Шу тариқа, Жавоҳирнинг очколари сони 5 тага етди ва у энди иккинчи ўринда бормоқда.
Бугун у турнирдаги жуда муҳим ўйинни ўтказади. У қора доналарда 3-ўринда бораётган турк гроссмейстери Мустафо Йилмазга қарши дона суради.