Нодирбек Абдусатторов яна бир йўналишда чемпионлик учун курашади
Жорий йилнинг 25-30 октябрь кунлари Исландияда шахмат бўйича “World Fischer Random Chess Championship” номидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Унда дунёнинг энг кучли 7 нафар шахматчилари қаторида рапид йўналишида жаҳон чемпиони, шахмат олимпиадаси ғолиби, истеъдодли спортчимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам ғолиблик учун кураш олиб боради.
Кеча, 24 октябрь куни Рейкьявикда жаҳон чемпионатининг очилиш маросими ҳамда қуръа ташлаш тадбирлари ташкил этилди.
Қуръа натижаларига кўра, Нодирбек “А” гуруҳида Ян Непомняший, Хьёрвар Стейнн Гретарссон ҳамда мазкур мусобақанинг амалдаги ғолиби Уэсли Со билан жой олди.
“В” гуруҳидан эса Магнус Карлсен, Хикару Накамура, Владимир Федосеев ва Матиас Блюбаум кураш олиб борадиган бўлди.
Ушбу жаҳон чемпионатида шахматчилар мусобақанинг умумий мукофот жамғармасидаги 400 минг АҚШ доллари ва 150 минг АҚШ долларидан иборат биринчи мукофот учун баҳс олиб боришади.
Абдусатторов 1-тур ўйинида Непомняший билан ўйнаса, кейинги босқичда Уэсли Со билан ва ниҳоят гуруҳдаги сўнгги ўйинни Гретарссонга қарши ўтказади. Ўз гуруҳида муваффақият қозонган шахматчилар ярим финал баҳсида қатнашади.
Чемпионатнинг ярим финал ва финал ўйинлари 29-30 октябрь кунлари ўтказилади.