Ёш шахматчиларимиз Бутунжаҳон шаҳмат олимпиадасида
Дунёнинг 23 та мамлакатидан 34 та жамоа иштирок этаётган нуфузли мусобақада Ўзбекистоннинг иккита жамоаси ғолиблик учун кураш олиб бораётган бўлса, Озарбайжоннинг олтита, Туркиянинг учта, Грузиянинг иккита, Жанубий Африка Республикасининг учта жамоаси қатнашмоқда.
Ўтказилган икки тур натижасига кўра, Ўзбекистон-1 жамоаси 1-турда Шри-Ланка жамоасини 4:0 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, Ўзбекистон-2 жамоаси илк босқичда Эрон жамоасига 0,5:3,5 ҳисобида имкониятни бой берди.
2-тур ўйинларида Ўзбекистон-1-Озарбайжон-2 учрашувида вакилларимиз 2,5:1,5 кўринишида ғолибликни тантана қилди. Ўзбекистон-2 жамоаси эса Озарбайжон-3 жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
Бугун, 4 октябрь куни шахмат олимпиадасининг 3-тур ўйинлари ташкил этилади. Унда Ўзбекистон-1 жамоаси Туркия-1 билан, Ўзбекистон-2 вакиллари Мексика шахматчилари билан рўбарў келишади.
Ўсмирлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси низомига кўра, ўйинлар швецарча тизимда 9-турдан иборат бўлиб, баҳсларда иштирок этган энг яхши учта жамоага махсус кубоклар топширилади. Шунингдек, ўйинларда энг яхши натижаларга эришган шахматчилар олтин, кумуш, бронза медаллари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Баҳслар 10 октябргача давом этади.