АҚШ терма жамоаси Ўзбекистон билан дуранг ўйнай олганига хурсанд бўлди
Тасаввур қиляпсизми, Шахмат олимпиадасининг 1-рақамли жамоаси АҚШ бугунги баҳсдан сўнг Ўзбекистоннинг ёш шахматчилари билан, азбаройи омади келганидан, дуранг ўйнаганига хурсанд бўлишди. Биз эса аламли тарзда ғалабани қўлдан берганимизга бироз хафамиз.
Гап шундаки, бугунги баҳсда 1-столда Нодирбек Абдусатторов (рейтинг очкоси: 2688) ўзининг ғалабали юришини давом эттириб, 2018 йили жаҳон тожи учун курашган ва ҳозирда жаҳоннинг 5-рақамли шахматчиси Фабиано Каруана (2783) устидан қора доналарда ишончли ва жуда чиройли ғалабага эришди! Бутун дунё уууууув деб юборди.
2-столда Нодирбек Якуббоев (2620) жаҳон рейтингида 6-ўринда турган Левон Аронян (2775) билан оқ доналарда дуранг ўйнади. Жавоҳир Синдоров (2629) эса қора доналарда жаҳон рейтингидаги 7-рақамли Уэсли Со (2773) дан мағлуб бўлди.
4-столда эса Жаҳонгир Воҳидов (2564) Сэм Шенкленд (2720) билан жуда зўр ўйнади. 51-юришга келиб Жаҳонгир деярли 99% лик ғалаба қозонишга яқин эди. Бутун дунё бўйлаб онлайн кузатиб турганлар АҚШ терма жамоасининг сенсацион мағлубияти ҳақида ёза бошлади. Аммо Жаҳонгирнинг вақти оз қолгани ўз таъсирини ўтказди шекилли, 51-юришда кутилмаганда қўпол хатога йўл қўйди. Натижада ғалаба қўлдан чиқди, дуранг бўлди. Биз учун аламли дуранг. АҚШ учун осмондан тушган бахтдек қувонарли дуранг.
Шундай қилиб, умумий ҳисобда 2:2 бўлди. Жамоамиз ҳисобида учта ғалаба, бир дуранг бўлди.
Майли, нима бўлганда йигитларга катта раҳмат! Бугун барчаси жуда кучли ўйин ўтказишди. Буни ҳамма эътироф этмоқда. Барака топинглар, шу иштиёқни йўқотманглар. Кейинги ўйинларда омад.
Қизларимизда нима гап?
Қизларимиз Доминикан Республикасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Нилуфар Якуббоева ва Умида Омонова дуранг ўйнади, Мафтуна Бобомуродова ва Маржона Маликова ғалаба қозонди. Шундай қилиб, қизларимиз ҳисобида 3 та ғалаба бўлди. Уларга ҳам кейинги ўйинларда омад.
©@xushnudbek