Новости

ШАХМАТ ВАТАНИ ЎЗБЕКИСТОНМИ ЁКИ ҲИНДИСТОН?

Olympic.uz сайтининг ёзишича, 2018 йил 4 июн куни Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон шахмат федерациясининг навбатдан ташқари ҳисоб сайлов конференцияси ташкил қилинган. Конференцияда Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов иштирок этган ва сўзга чиққан. Жаноб Илюмжинов нутқи давомида шахмат ватани Покистон, Ҳиндистон ёки Эрон эмас, балки Ўзбекистон эканлигига алоҳида урғу берган.

Бу факт илмий тадқиқотлар, тарихчи олимлар томонидан ўрганиб чиқилган изланишлар натижаси эканлигини, ФИДЕ бу борада Халқаро олимпия қўмитасига расмий хат тайёрлаётганлиги ва яқин орада Ўзбекистон шахмат ватани деб расман тан олинишини айтиб ўтган.

Хўш, жаноб Кирсан Илюмжинов нимага ишора қилди?

Бугунги кунда бутун дунёда шахмат ватани Ҳиндистон, деб эътироф этилади. Бу маълумотни қатор интернет сайтлари ҳам тасдиқлайди. Бу манбаларда шахмат VI асрда Ҳиндистонда пайдо бўлганлиги қайд этилган.

Шунингдек, Абу Райҳон Беруний ҳам ўзининг машҳур “Ҳиндистон” китобида шахматнинг ватанини Ҳиндистон деган. Шахматнинг “чатурангга” (4 киши иштирокида столда ўйнайдиган қадимги ўйин) деб номланган шакли шахматнинг дастлабки турларидан бири ҳисобланади. У Ҳиндистонда V асрда пайдо бўлган. Араб халифалиги даврида бу ўйин тури 2 рақибнинг шатранж ўйинига айланган.

Лекин 1972 йилда Далварзинтепа (Сурхондарё)дан I-II асрга оид, 1977 йилда Афросиёб (Самарқанд)дан VII-VIII асрга оид шахмат доналари (суратларда) топилган. Лекин Далварзинтепадан I-II асрга оид шахмат доналари топилганлиги тегишли ҳодимлар, ижодий гуруҳлар томонидан етарли даражада ёритилмаган, ҳужжатларда ва баъзи бир манбалардагина қолиб кетган.

Хуллас, ФИДЕ раҳбари Сурхондарё ҳудудидан топилган I-II асрга оид шахмат доналарини инобатга олиб шахматнинг ватани Ўзбекистон деб айтганми ёки бошқа бирор фактга асосланганми, бундан яқин кунларда хабардор бўлсак ажабмас.

Бектемир САТТАРОВ,

Самарқанд давлат музей қўриқхонаси бош мутахассиси.

Манба: “Зарафшон” газетаси

Статьи по Теме

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Проверьте также
Close
Back to top button