Шоҳ ва мот: иқтидорлар бор, натижалар бор, аммо…
Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари, ФИДЕнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий президенти, халқаро тоифадаги ҳакам Ҳусан Турдиалиев билан суҳбатдан сўнг…
Шахмат – даҳолар ўйини
Шахмат қадим тарихга эга спорт турларидан бири. Уни оддий спорт, деб атасак, муболаға қилган бўламиз. Шахмат – санъат, илм ҳамдир. Ҳеч эътибор берганмисиз, маълуму машҳур кишилар, олиму донишмандлар, ҳукмдорлар, шоиру ёзувчиларнинг кўпчилиги шахматни яхши кўрган. Қадимда ҳукмдорлар кўплаб жангу жадаллар олдидан шахмат ўйнаб, жанг боришини шу шахматдаги юришига қараб амалга оширган деган ривоятлар ҳам учрайди. Шахмат буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг севган машғулоти бўлгани ҳам тарихдан маълум. Дунёга машҳур ёзувчию шоирлар айнан шахмат ўйнаётиб буюк асарларини яратишга куч ва илҳом топган. Лев Толстой “Мен ҳаётимни шахмат, китоблар ва овсиз тасаввур қилолмайман” деган бўлса, Пабло Неруда “Кимлар учун шахмат – овоз, бошқаларга – сурат, мен учун эса шахмат – тафаккур ва ирода курашининг поэзиясидир”, дея таъриф берган. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов эса “Шахмат абадийдир, шеър ҳам абадий…” деб ёзган бир шеърида.
Ёш танламайдиган, бир вақтнинг ўзида ҳам завқли, ҳам машаққатли бўлган бу ўйинни оддий инсон ўйнай олмайди – ё ақли, ё сабри, ё иқтидори етмайди. Шахмат соатлаб, кунлаб ўйналади, уни пухта эгаллаш учун йиллаб машқ қилинади, минглаб, ўн минглаб комбинациялар ёд олинади ва ўйинда мот бўлай, деб турган жойдан рақибни ютиш ё уни дурангга рози қилишнинг лаҳзалик гашти бутун умрга татийди. Шахматни ўрганиш, юзлаб ҳимоя ва ҳужум тактикаларини ёд олиш, ҳар бир донанинг вазифаси ва имкониятлари, уларни юриш йўлларини ўз тафаккуридан қайта-қайта ўтказиш, энг тўғри ва самаралисини топишга ҳар кимнинг ҳам сабру тоқати, интеллектуал ва жисмоний имконияти етмайди. Шахмат тафаккурни чархлайди, чуқур ўйлашга, ҳар қандай вазиятда ақл ва сабр билан иш тутишга ўргатади.
Профессионал шахматчиларни кузатсангиз, гўёки улар камгап, одамови. Аслида эса уларнинг хаёлини ўйин таҳлили банд этган бўлади: қайсидир партиядаги қайсидир юришни нотўғри юргани ва аксинча, иккитагина фигура билан жуда чиройли комбинацияни амалга ошириб, рақибини мот қилганини ўйлаб ўтиради. Улар ўз дунёси, шахмат олами билан яшайди. Улар учун шахмат – бу ҳаёт. Ўзгача бўлиши мумкин эмас.
Ўзбек шахмат мактаби
Шахмат бизнинг мамлакатимизда ҳам энг оммабоп спорт турларидан. Гап қарию ёшнинг хиёбону чойхоналардаги шахмат ўйинлари ҳақида эмас.
Бугун минглаб ўғил-қиз шахмат билан мунтазам шуғулланмоқда. Улар орасидан етишиб чиқаётган иқтидор соҳиблари дунё миқёсидаги нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда. 2004 йили Рустам Қосимжонов жаҳон чемпионатида тарихий ғалабага эришиб, ушбу спорт турининг юртимизда янада оммалашишига сабабчи бўлди. Унга ҳавас қилиб, бир пайтлар шахмат тўгарагига борган ўғил-қизлар бугун ўзлари ҳам ана шундай ҳавас уйғотадиган ютуқларни қўлга киритмоқда.
Кишидан юксак интеллектуал салоҳият талаб қиладиган шахмат ўйинида жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлиш осон иш эмас. 1886 йилдан то ҳозирги кунга қадар эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида атиги 20 нафар юксак салоҳият эгалари ғолибликни қўлга киритгани бунинг далилидир. Улар қаторида ўзбек фарзанди ҳам борлиги катта эътирофга лойиқ, ҳар биримизда ғурур-ифтихор уйғотади!
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига кенг имконият яратиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасида юртимиз ёшлари жаҳон спорт ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришаётир.
Айниқса, Тоҳир Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов, Нафиса Мўминова ва унинг синглиси Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нодирбек Абдусатторов ва Баҳора Абдусатторова, Нилуфар Ёқуббоева ва Нодирбек Ёқуббоев, Исломбек ва Жавоҳир Синдоров сингари бир оиладан бир нечта иқтидорли шахматчилар етишиб чиқаётгани қувонарлидир.
Биргина 2017 йили миллий терма жамоамиз аъзолари БАА, Бразилия, Россия, Грузия, Англия, Арманистон, Малайзия, Таиланд, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Қозоғистон, Туркманистон каби давлатларда ўтказилган 50 га яқин халқаро мусобақаларда иштирок этиб, 39 олтин, 35 кумуш, 36 бронза медални қўлга киритди.
Яна бир мисол: мустақилликкача Ўзбекистонда биргина халқаро гроссмейстер бўлган, бугунги кунда эса гроссмейстерларимиз 20 нафарга яқинлашиб қолди.
Нодир истеъдодли Нодирбек
Ўзбек шахматининг келажаги ҳақида гап кетганда, мухлису мутахассислар кўплаб шахматчилар қатори 13 ёшли Нодирбек Абдусатторовни алоҳида эътироф этади.
Нодирбек Абдусатторов 2011 йилда икки йирик мусобақа – Ҳиндистонда мактаб ўқувчиларининг Осиё чемпионатида олтин ва Филиппинда ўсмирлар ўртасидаги қитъа биринчилигида бронза медални қўлга киритди. 2012 йили саккиз ёшида Словениянинг Марибор шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Ҳиндистон пойтахтида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида VIII Осиё чемпионатининг рапид – тезкор шахмат баҳсларида кумуш медаль билан тақдирланди.
2014 йили пойтахтимизда шахмат бўйича 12 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Нодирбек Абдусатторов ўн ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди, чемпионат доирасида ўтган блиц турнирда кумуш медални қўлга киритди. Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида 8-18 ёшли ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади.
2016 йили Россиянинг Сочи шаҳри мезбонлик қилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккита олтин медалга сазовор бўлди. 2016-2017 йилларда Россия ва БААда ўтказилган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, халқаро гроссмейстер талабини бажарди ва дунёнинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди. Ўтган йили Осиё шахмат федерацияси томонидан “Йилнинг энг яхши ёш шахматчиси”, деб эътироф этилди.
Бугун у эришаётган натижага бутун дунё шахматчилари ҳавас қилади, десак муболаға бўлмайди. Нафақат ютуқлари, балки нодир истеъдоди, характери, ўйин услуби билан ҳам тенгдошларидан, ўзидан анча тажрибали гроссмейстерлардан фарқ қилади. Шахматда фақат мусобақадаги натижа эмас, балки битта партиядаги, битта ўйиндаги натижа ҳам катта аҳамиятга эга. Нодирбекнинг тўққиз ёшида Тошкентда ўтказилган халқаро турнирда беларуслик Андрей Жигалко ва қозоғистонлик Рустам Ҳусниддинов каби икки номдор халқаро гроссмейстерни енггани, Исландиянинг Рейкьявик шаҳрида ўтказилган Б.Фишер хотирасига бағишланган халқаро мусобақада машҳур гроссмейстер Гата Камский билан ўйинда оғир вазиятдан чиқиб кетган ҳолда, дуранг қайд этгани ҳали-ҳануз шахмат мухлисларининг эсида.
Айни пайтда тенгдошлари орасида дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган Нодирбек Абдусатторов шу кунгача эришган натижалари билан тўхтаб қолмайди. У келажакда Рустам Қосимжонов сингари жаҳон шахмат тожига эга бўлишига умид қиламиз.
Аммо…
Бугун ўзбек шахмат мактаби вакиллари дунёни лол қолдирмоқда. Кўплаб хорижлик шахмат мутасаддилари мамлакатимиз шахматчилари эришаётган натижалар сири нимадалигига қизиқмоқда, уларга ўз давлати номидан мусобақаларда иштирок этишни таклиф қилмоқда. Шахматчиларимиз эса ўз Ватани номидан мусобақаларда қатнашишни, ўз юртининг довруғини дунёга тараннум этишни ўзлари учун шараф, деб билади.
Лекин ҳар қандай ниҳол парваришга муҳтож бўлгани сингари, ҳар қандай истеъдод моддий ва маънавий рағбатга эҳтиёж сезади. Аммо бу борада бир қатор муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар борки, айрим мутасадди ва ҳомий ташкилотлар Ўзбекистон шахмат федерацияси фаолиятини, иқтидорли шахматчиларни қўллаб-қувватлашга панжара ортидан қараётгандек.
Ҳусан ака Турдиалиевнинг айтишича, ҳеч бир давлатда Ўзбекистончалик шахмат ривожига катта пул ажратилмас, кўплаб давлатларда йирик компаниялар, ташкилотлар ҳомийлик қилиб, шахматчиларнинг мусобақада иштирокини таъминлар экан. Бизда эса ҳомий ташкилотлар негадир ё чўчийди, ё “бундай фойда келтирмайдиган ишга” пул тикишни истамайди. Наҳотки спортчиларни ўз компанияси маблағи эвазига хориждаги мусобақага юборган ҳомий бир вақтнинг ўзида бутун дунёга ўз маҳсулоти ё хизматини намойиш қилиш имкониятига эга бўлишини тушуниб етмаса. Ахир бу текин реклама-ку! Алал-оқибат ҳомийлик қилиш моддий фойда келтирмаган тақдирда ҳам бир истеъдоднинг дунёга чиқишига, юртининг, миллатининг обрўсини кўтаришига ҳисса қўшган бўлади-ку! Бу ўринда йирик компанияларнинг нима учун ўз маблағларини салоҳиятли ёшларимиздан кўра, кўпроқ кўнгилочар шоуларга ажратишларини изоҳлаш қийин.
Ҳусан ака айтганидай, аввалги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида шахмат кафедраси мавжуд бўлмаганлиги боис, кўплаб ёш шахматчиларимиз бошқа соҳага ўзини ургани ёки Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) кўмаги билан тўрт нафар шахматчимиз Россияда жисмоний тарбия институтига бюджет асосида қабул қилингани келгусида Ўзбекистонда шахмат мутахассисларини тайёрлашга эътибор қаратилиши зарурлигини англатади.
– Жорий йилда ҳам спорт мавсумида шахматчиларимизнинг ўқув-машғулот йиғинларида, халқаро мусобақаларда иштирок этиши, юртимизда спорт мусобақаларини ташкил этиш учун зарур бўлган маблағлар ажратилиши аҳамиятли, – дейди Ҳ.Турдиалиев. – Масалан, шахматимиз келажаги Нодирбек Абдусатторов тажриба ва маҳоратини янада ошириши учун унга хорижлик мураббий, кўплаб халқаро мусобақаларда мунтазам қатнашиш зарур. Бунинг учун эса йилига атиги 50 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ кетар экан. Бир қарашда жуда кўпдай туюлган бу маблағ аслида унинг эришадиган ютуқлари, Ватанимиз байроғини жаҳон аренасида баланд ҳилпиратиши, мадҳиямизни баралла янгратиши олдида ҳеч нарса эмас.
Ҳа, бугун шахматчиларимиз ўз ғалабалари билан нималарга қодирлигини жаҳонга намойиш этмоқда. Шахмат тили билан айтганда, бутун дунёда “шоҳ” бўлиб турибди. Аммо вақтида қўллаб-қувватланмаса, рағбатлантирилмаса, тажрибасини ошириши, иқтидорини намоён этиши учун имконият яратилмаса, уларни бой беришимиз, яъни “мот” бўлишимиз ҳеч гап эмас. Шахматда эса ютиб турган жойда мот бўлишдан кўра, аламлироқ мағлубият йўқ!
Манба: ЎзА